Бувайдада кам таъминланган оилаларнинг 2500 нафардан ортиқ 16 ёшгача бўлган фарзандига салкам 1 млрд 300 млн сўм тарқатилади
Фарғона вилояти Бувайда туманида кам таъминланган оилаларнинг 2500 нафардан ортиқ 16 ёшгача бўлган фарзандига салкам 1 миллиард 300 миллион сўм тарқатилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда 16 сентябрь, чоршанба куни 4 та сектор раҳбарлари иштирокида «темир дафтари»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзадлари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилган.
Туман ҳокими Беҳзод Иброҳимов «Шўр», «Қоратепа», «Бувайда», «Бувимозор», «Ўрта қўнғирот» маҳалла фуқаролар йиғинларда кам таъминланган оилалар фарзандларига бир марталик моддий ёрдам пулларини топширган. Хусусан, «Шўр» МФЙда 32 та оиланинг 70 нафар 16 ёшга етмаган фарзандига моддий ёрдам пуллари ҳоким томонидан тарқатилган.
Бувайда туманида кам таъминланган оилаларда 2582 нафар 16 ёшга тўлмаган бола борлиги қайд этилган. Мазкур болаларга жами 1 миллиард 291 миллион сўм пул тарқатилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, мазкур тадбир Шавкат Мирзиёевнинг 26 август кунги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўтказилган.
Аввалроқ Марғилон шаҳридаги 22 та маҳаллада, Ғиждувондаги 3 мингдан ортиқ, Қўштепа, Ўзбекистон, Фурқат ва Нуробод туманларидаги кам таъминланган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандларига ёрдам пуллари берилгани ҳақида хабар берилган эди.