Тошкентда тиктокер йигит «Spark» капотига сакраб чиқиб, сайр қилди — видео

Тошкент шаҳрида 25 ёшли йигит «Spark» капотига сакраб чиқиб, сайр қилгани акс этган видео тарқалди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, TikTok ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеолардан бирида иккита лавҳа монтаж қилинган бўлиб, уларнинг бирида пиёда йўлда сакраб, иккинчисида ҳаракатланаётган «Spark» автомобилида пайдо бўлиб қолади.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари 2021 йили 18 январь куни юқоридаги автомобиль ҳайдовчиси — 25 ёшли Ойбек О.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-модда прим.5 бўйича (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳозирги вақтда видеода иштирок этган пиёданинг шахси аниқланган, унга нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.

«Ҳурматли TikTok ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари! Унутманг, янги контент орқасидан қувиб ҳаётингизни хавф остига қўйманг. Мазкур интернет-майдон фойдаланувчилари орасида вояга етмаганлар ҳам бор, улар монтаж қилинганини тушунмасдан нотўғри хулоса чиқаришлари мумкин», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижонда машинада тескари йўналишда ҳаракатланган тиктокерга чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда метро вагони тутқичига осилиб, баланд овозда бақирган йигит иши юзасидан муносабат билдирилганди.