Қўқонда велосипед ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида қаровсиз қолдирилган велосипедни ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 5 август куни Туркистон кўчасида яшовчи К.A. Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. Унинг аризасига кўра, соат 02:00 атрофида номаълум шахс Туркистон кўчаси кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида қаровсиз қолдирган, нархи 2 миллион сўмлик велосипедни яширин равишда ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни С.Ю. содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Қўқонда қаровсиз қолдирилган 2 та велосипедни ўғирлаган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.