Самарқандда 20 нафар йўловчини олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетди
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 18 ноябрь, чоршанба куни ичида 20 нафар йўловчиси бўлган «Golden Dragon» русумли автобус ағдарилиб кетди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 ноябрь куни соат 22:30 да ҳайдовчи A.И. бошқарувида бўлган автобус 20 нафар йўловчи билан Самарқанд—Бухоро М-37 автомобиль йўлининг 13-километрида ағдарилиб кетган.
Ҳайдовчи автобусни бошқариб келаётган вақтида асфальт қисми сирпанчиқ бўлгани сабабли автомашина бошқарувини йўқотган. Шундан сўнг транспорт воситаси йўлнинг ўнг томон қисмидаги пастликка ағдарилиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Оқибатда автобусда йўловчи сифатида келаётган фуқаролар A.Б. ва Ф.Р.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳодиса содир бўлган жойга тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб келган ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Самарқандда юқори тезлик оқибатида «ЗИЛ» юк машинаси ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ургутда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида юк машинаси ағдарилиб кетгани хабар қилинган.
Мавзуга доир:
Кейинчалик Пайариқда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида машина йўл четига ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.