Telegram дайжести: Аксилмонопол қўмитаси яна ютқазди, ҳайвонларга шафқатсиз одам, «Tashkent City»га энди бепул кириб бўлмайди
Telegram бу ҳафта бошида сал тихирлик қилиб ишлагандай бўлганди, бир неча бизнес сохиби ва албатта блогерлар юрагига росмана ғашлик оралади. Ахир Ўзбекистонда жуда қулай бу платформани одатда жуда тез ва силлиқ ишлашига анча кўникиб қолдик.
Бу ҳафта қайноқлиги бўйича аввалгиларидан қолишмади. Аксинча, бир резонанс охирига етмай иккинчи ўткир резонансни бошимиздан кечирдик. Қани кетдик унда!
Ахборот кўпайгани сари унинг истеъмолини тартибга солиш ва фильтрлаш мухимлашиб бормоқда. Ҳафта бошида депутатларимиз айнан шу масалани олиб чиқишди. Унга кўра, энди шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи битта видеони ижтимоий тармоққа жойлаш қарийиб 90 миллон сўм жаримага сабаб бўлади. Davletovuz канали бу хақда пост қолдирди.
Ўтаётган ҳафтанинг гуриллаб ёнган хабари Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқларга видеомурожатларини йўллаганидир. Бу даражотдан журъат кўрсатиб, хақиқатни авж пардаларда айтишларини доим ҳам кўравермаймиз. Бу хақда деярли барча блогерлар ва YouTube каналларида бонг урилди. Мурожаат натижаси ўлароқ президент администрациядан махсус комиссия тузилиб, Бухорога текшурувга отланди. Бу хақда яна Davletov’да ўқиш мумкин
Ўз даврида «Дарё» сайтига асос солган, ҳозирда Канадада яшовчи «Замбаракнинг ўқи» канали муаллифи Фарҳод Файзуллаев тинмай Калгари ҳаётини Ўзбекистондаги тизим ва ҳаёт билан таққослашдан чарчамайди. Калгарини оғзидан бол томиб мақтаётган одам Канадада хам электр токи узилишлари бўлиб туришини айтиб, Ўзбекистондаги бу масалада яралари очилиб, ачишиб турган фуқароларни тинчлантирмоқчи бўлди гўё.
«Чинор остидаги кузатув» номли русча канални юритувчи блогер Ферузхон Ёқубхўжаев анчадан бери тилга олинмаган муаммони кўтарди. Унинг фикрича, инсонлар жониворларга нисбатан шафқатсиз бўлиб бормоқда. У ҳайвонот боғларида сақланувчи ҳайвонлар тақдири ҳақида таъсирли видеопост қолдирди.
Асосан банк ва пул ҳақида маълумот билан бизни ақлли қилгувчи «Bankers.uz» Telegram-каналида Wikipedia’да жойлашишга улгурган ўзбек банклари хақидаги пост қолдирилди.
Унинг яна вилоятларда банклар ва уларнинг ходимларини эшакдек миниб олган ҳокимлик вакиллари ҳақидаги ўткир пости ҳам диққатга сазовор.
Майда муаллифлик каналларида хам баъзида яхшигина тош босадиган мақолаларни учратиб қоламиз. Фикрий жиҳатдан очиқлашиб келаётган Ўзбекистонда ҳар бир фикр эгасининг ўз айтар сўзи бор. «Остонов минбари” номли кичик тарихий-илмий каналда ҳам яхшигина, тагдор постлар бўлиб туради. Остоновнинг “Бугунги Ўзбекистоннинг давлатчиликдаги аждоди Бухоро давлатидир» деб номланган анча мунозарали постини ўқиб кўришингизни тавсия этамиз.
Блогер Зафарбек Солижонов каналида бир неча муҳим постни учратишимиз мумкин. Хусусан, 15 декабрь куни у Ички ишлар вазирлигининг баёнотини пост қилди. Видеопостда ички ишлар ходимини исталган фуқаро хоҳлаган жойида видеога олиши мумкинлиги айтилади.
Ундан кейинроқ сенатор энергетика вазири ўринбосарини боплаб тузлаганини попкорн еб томоша қилишимиз мумкин бўлади.
Ҳафта охирида Telegram’ни Нагасаки бомбасидек портлатган ходиса Tashkent City’нинг пуллик бўлгани ҳақидаги постлардир. Ҳаттоки карикатуралар чиқиб кетди. Аммо бу масалага яхшигина антифакт сифатида Bakiroo каналида мана бу постни ўқишингизни тавсия қиламиз.
Ҳафта якунида оммавий кулгига сабаб бўлган фото деб Навоий шахрида ўрнатилган арчаларни кўрсатиш мумкин. «Troll.uz»да элон қилинган постга сиз ҳам қаранг ва албатта юзингизда табассум пайдо бўлади.
Ҳафтани эртакларда бўлгани каби битта яхши ва битта ёмон хабар якунлайди. Бир тарафдан Аксилмонопол қўмита UzAutoMotors’га судда ютқазгани кўнгилни хира қилса, иккинчи томондан фараларни ёқиб юриш тартиби амалга кирмайдиган бўлгани сал далда бўлади. Батафсил Баҳодир Аҳмедов каналида.
Янги йил яқинлашаркан, воқеалар хам тезлашаётгандай. Тўхтатинг, самолётдан тушиб қоламан демагунча бизни кузатишда давом этинг.