Ўзбекистонда коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлганми? Мутахассис жавоб берди

Ўзбекистон Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Вирусология илмий-текшириш интитути томонидан мамлакат аҳолиси орасида жамоавий иммунитет қай даражада шаклланганини ўрганиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари «Daryo»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Tez News»

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой вакцинаси синовининг учинчи босқичида қатнашмоқчи бўлганларнинг 30 фоизида COVID-19’га антитаналар аниқлангани ва улар касалликни аломатларсиз ўтказгани ҳақида гапирганди. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакили жамоавий иммунитет масаласида фикр билдирди.

«Алоҳида айта оламанки, Ўзбекистонда ҳам жамоавий иммунитет ҳосил бўлган. Сиз айтиб ўтгандек 70–80 фоиз эмас, 30–40 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Жамоавий иммунитет аҳолининг 70–80 фоизи даражасида ҳали шаклланмаган. Бу касаллик янги, вирус ўзига хос, беморда касалланишдан сўнг турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, антитаначалар 3–4 ой давомида йўқолиб боради, шуни инобатга олиб, касаллик эпидемиологик тарзда яна авж олиши мумкинлигидан келиб чиқиб, огоҳликни сусайтирмаслик керак», — деди Ботиржон Қурбонов.

Унинг сўзларига кўра, беморлар организмидаги антитаначалар йўқолмайдиган даражада пайдо бўлса, йиллар давомида сақланиб турадиган бўлса, шунда жамоавий иммунитет шаклланади ва жамоавий иммунитет ушбу коллективни бир қанча вақт давомида касалликдан ҳимоя қилади.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 19 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 78163 нафарни ташкил этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 919 нафар бемордан 158 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖССТ коронавирус беморларининг юқтириш даври ҳақида маълумот берганди. Дастлабки тадқиқотларга кўра, беморларнинг аксарияти симптомлар пайдо бўлганидан 8–9 кун ўтгач юқумли бўлади, аммо бу давр оғир касал бўлган беморларда узоқроқ давом этиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистонда қанча фуқаро «ZF 2001» Хитой вакцинаси билан эмлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар