Бектемир туманига Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан 1639 гектар ер ўтказилади

Шавкат Мирзиёев Бектемир тумани фаоллари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Бектемир туманига Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан жами 1639 гектар ер ўтказилади. Натижада туман ҳудуди 3472 гектарга етади. Бунинг ҳисобига янги саноат ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этиш, минглаб иш ўринлари очиш имконияти яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Яқин уч йилда туманда умумий қиймати 3,3 триллион сўмлик 61 инвестиция лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда 52 та шундай лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 700 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилди. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Бектемир туманига ташриф буюриб, у ердаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди ва «Бинокор» корхонасини бориб кўрди. Шунингдек, Президент Бектемирдаги лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган қўшма корхона фаолияти билан танишди. Бектемирдаги тўқимачилик корхонасини бориб кўрди.

Бектемирда қиймати 2 миллион доллар бўлган марказда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.

Янгиликлар