Шавкат Мирзиёев саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди (фото)

Шавкат Мирзиёев Бектемир туманидаги «Cooperation LAB» марказининг ўзида ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, энди давлат харидларида Ўзбекистонда тайёрланган маҳсулотларга устуворлик берилиб, ишлаб чиқариш рағбатлантирилади. Жумладан, тендерда иккитадан кўп ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи мавжуд бўлганда фақат уларнинг маҳсулоти қатнашади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, маҳаллий маҳсулотларга импорт товарларга нисбатан 15 фоизлик нарх преференцияси берилади. Бундан буён бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган барча харидларда маҳаллий ҳокимият вакиллари бевосита иштирок этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Масалан, автомобиль саноатида импорт қилинаётган 1 минг 712 турдаги бутловчи қисмларни юртимизда ишлаб чиқариб, валюта харажатларини камида 150 миллион долларга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу маҳсулотларни ўзлаштирувчи ҳудудий корхоналарни аниқлаб, уларда юқори қўшилган қиймат яратиш вазифаси қўйилди. Автомобиллар таннархини камайтириб, бозорда рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларига сифатли хизмат кўрсатадиган хусусий сервис корхоналари ташкил этиш ва ушбу соҳада мутахассис тайёрлаш кераклиги қайд этилди. Электр техникаси, автомобиль саноати ва қишлоқ хўжалиги ўртасида кооперация алоқаларини чуқурлаштириш масалалари таҳлил қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Бектемир туманига ташриф буюриб, у ердаги саноат корхоналари фаолияти билан танишди ва «Бинокор» корхонасини бориб кўрди. Шунингдек, Президент Бектемирдаги лойиҳа қиймати 3 миллион доллар бўлган қўшма корхона фаолияти билан танишди. Бектемирдаги тўқимачилик корхонасини бориб кўрди.

Бектемирда қиймати 2 миллион доллар бўлган марказда замонавий автотранспорт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.

Янгиликлар