Самарқандда «заправка»дан 350 млн сўм пул ўғирлаб кетган шахслар қўлга олинди
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари 21 сентябрь, душанба куни АЁҚШдан катта миқдордаги пулларни ўмариб кетган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жомбой туман ИИБга 1992 йилда тўғилган А.А. ариза билан мурожаат қилган. Унда 2020 йил 17 сентябрь кунидан 18 сентябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс Жомбой туманида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаси офиси иккинчи қават эшигининг очиқлигидан фойдаланиб, у ерга ғайриқонуний равишда кирганини, хонада бўлган темир сейфни калит танлаш йўли билан очиб, ичида бўлган 320 миллион сўм пулни яширин равишда ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Жомбой туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур ўғрилик жиноятини Ургут тумани «Чумчуқли» МФЙда яшовчи 1995 йилда туғилган Ж.Ж. ва Ургут тумани «Терак» МФЙда яшовчи 1998 йилда туғилган Х.Х. содир этганлиги аниқланган. Шунингдек, улардан 84,5 миллион сўм пуллар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жомбой туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Чустда 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган шахсга жиноят иши очилгани, Попда 650 килограммга яқин кўмир ўғирлаганлар қўлга олингани ҳамда Қўқонда савдо мажмуасидан қиймати 2 миллион сўм бўлган узук ўғирлаган аёл ушлангани ҳақида хабар берилганди.