Aзиз Aбдуҳакимов Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети талабалари ва ота-оналарга мурожаат қилди (видео)

Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, «Ипак йўли» халқаро туризм университети (ХТУ) ректори Aзиз Aбдуҳакимов 19 октябрь куни талабалар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат қилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

«Ушбу мурожаатим университетимизга қабул қилинган омадли талабалар ва уларни тарбиялаган ота-оналарига қаратилган. Омадли дейишимга сабаб, бу йилги қабул имтиҳонларга бир жой учун 110 нафар абитуриент кураш олиб борди.

Буюк Ипак йўлининг асосий чорраҳаси, қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида жойлашган университет Сиз учун туризм дунёси эшикларини кенг очиб беради.

Шу кунларда университетимиз янги биносининг очилиши 2 катта муҳим тарихий сана билан боғлиқ.

Биринчиси, бундан икки йил аввал (2018 йил июнь ойида) Синдао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ‘Ипак йўли’ халқаро туризм университетини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эдилар.

Бу ташаббус ортидан ташкил этилган халқаро олийгоҳимиз бугун ўзининг янги кампусига эга бўлди ва бу иккинчиси катта тарихий сана билан боғлиқ. Чунки бундан роппа-роса 600 йил аввал, 1420 йилда шоҳ ва олим, бобокалонимиз Мирзо Улуғбек томонидан Регистон майдонидаги илк мадраса очилган эди ва ўз даври учун маърифий Ренессанснинг бошланишига сабабчи бўлди.

Бугун эса университетимиз сизни Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги уйғониш даври фаоллари бўлишга таклиф этамиз.

Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, халқаро туризм соҳасида Марказий Осиё минтақаси энг катта ўсиш динамикасига эга ҳудуд сифатида тан олинди — 2019 йилда минтақа 15 миллиондан ортиқ чет эллик сайёҳ қабул қилди. Буюк Ипак йўли мамлакатларига келган туристлар сони эса ярим миллиарддан ошди.

Бу кўрсаткичлар туризм соҳасидаги ёш мутахассисларга бўлган талабни оширибгина қолмай, уларнинг даромадини ҳам белгилаб беради.

Университетимиз соҳадаги малакали ва моҳир профессорлар жамоасига эга. Сўнгги ахборот технологиялари ва инновация ютуқларидан фойдаланиб, соҳадаги янги авлод мутахассисларини тайёрлашга бел боғлаган.

Хорижий ҳамкор университетлар географияси ҳам кундан кунга кенгайиб бормоқда ва бу талабаларимиз учун доубле дегрее ва хорижда амалиёт ўташга ёрдам беради.

Университет кампуси туризм талабалари учун ўқиш, амалиёт ва ҳордиқ чиқариш учун қулай манзилда жойлашган. Бир тарафда ‘Талабалар хиёбони — Булвар’, бошқа тарафда — ‘Туризм кўчаси’, бошқа тарафда эса тарихий обидалар ва юлдузли меҳмонхоналар жой олган. Қўшни вилоят ёки республикалардан ташриф буюрган талабалар янги ташкил этилаётган меҳмон уйларида қолиб, маҳаллий меҳмондўстликдан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Талабалар ўқиш жараёни қизиқ ва мазмунли ўтказиши учун мунтазам равишда турли соҳа экспертларини таклиф этиб борамиз. Экспертлар ўз касби сирлари бўйича маҳорат дарслари, лекциялар ташкил этишади.

Aзиз талабалар, сизларни Ипак йўлининг минг йиллик туризм маркази бўлган Самарқандда, олийгоҳимизда кутиб қоламиз!»

Aзиз Aбдуҳакимов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, «Ипак йўли» халқаро туризм университети ректори

Aввалроқ Самарқандда «Ипак йўли» халқаро туризм университетининг янги биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида илк гастрономик кўча ва янги меҳмонхона очилгани хабар қилинган.

Янгиликлар