Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг янги тури ҳақида биринчи марта маълумот берди
Буюк Британияда коронавируснинг янги тури — CОVID-21 аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги илк бор коронавируснинг ушбу янги штамми ҳақида маълумот берди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева коронавируснинг янги штамми ҳақида маълумот бериб, бу ҳақдаги саволларга жавоб берди:
«Биз шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай вирус атроф-муҳитга мослашиш даврида мутацияга учрайди. Мутациянинг қанчалик кенг кўламда бўлиши вируснинг тарқалувчанлиги билан боғлиқ, яъни касалликни юқтирган ҳар учинчи, тўртинчи одамда бу вирус мутацияси кузатилади. Коронавируснинг кенг тарқалаётган мутацион штамми центябр ойида биринчи бор Буюк Британияда аниқланган, бугунги кунда 60 нафардан ортиқ провинцияда бу штамм кузатилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд».
Шунингдек, у CОVID-19’нинг мазкур штамми асосан кимларда аниқланаётганини ҳам маълум қилган.
«Олимларнинг кузатиши бўйича CОVID-19’нинг мазкур штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Лекин бу штамм аниқланганига ҳали кўп вақт бўлмагани боис касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечуви ҳақида маълумотлар етарли эмас. Бу эса бизни янада ҳушёр бўлишга чорлайди», — дейди у.
Севара Убайдуллаева коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар касалликнинг янги штаммига ҳам таъсир қилишини таъкидлаган:
«Янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд С-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.
Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади. Дунё олимлари вирус ваксинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқарса, коронавирусга қарши вакциналарни касалликка мослаштириб бориш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда».
Унинг таъкидлашича, касалликдан ҳимояланиш учун доимий равишда карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Жумладан:
- ниқобларни тўғри тақиш ва ўз вақтида алмаштириш;
- уйдан ташқарига чиққанда ўзаро масофани сақлаш;
- қўлларни доим совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;
- уйга қайтганда, оила аъзолари билан кўришишдан олдин кийимларни алмаштириш, қўлларни совунлаб 20 сониядан кўп ювиш, томоқ ва бурунни 3 мартадан ортиқ иссиқроқ сувда чайиш, юзларни ювиш;
- соғлом ва расионал овқатланиш, мева сабзавотларга бой овқат махсулотларини истеъмол қилиш (овқат тўлиқ термик таъсирдан ўтган бўлиши керак);
- енгил жисмоний ҳаракатлар билан доимий шуғулланиш, нафас машқларини бажариш ва аста-секин жисмоний фаолликни кўпайтириб бориш лозим.
Aввалроқ Ўзбекистонга келаётганлар ўз ҳисобидан коронавирус учун экспресс тест топшириши, Британияда COVID-21 туфайли Лондон кўчалари бўшаб қолгани ҳамда Ўзбекистон коронавируснинг янги штамми сабаб 8 та давлат билан авиақатновларни тўхтатгани ҳақда хабар қилинган эди.