Ўзбекистонда коронавирус вакцинаси билан эмланганлар сони маълум бўлди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 12 декабрдан 27 январга қадар коронавирусга қарши 4617 киши эмланди. Бу ҳақда 27 январь куни АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасини 3-фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши учун  5000 нафар кўнгилли орасида иммунизация тадбирларини ўтказилиши учун вакцина олиб келинган. Республикага 8 нафар хитойлик мутахассис келган, бугунги кунда Инновацияни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда 3-фаза клиник босқичи ўтказилмоқда.

Брифингда кўнгиллиларни тиббий кўрикдан ва скрингдан ўтказиш ишлари 2020 йилнинг 12 декабридан бошланганлиги, 2021 йил 27 январига қадар 9583 нафар кўнгилли тиббий кўрик ва суҳбатдан ўтказилгани таъкидланган.

Шунингдек, коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус «Хавфсиз иммунизация» шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш бўйича вакцинаторлар рўйхати шакллантирилгани маълум қилинган. Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 февралидан тиббиёт ходимларини оммавий эмлаш жараёнларига тайёрлаш бўйича билим савияларини оширишга қаратилган тренинг ва семинар машғулотлари ўтказилади.

Аввалроқ ўзбекистонликлар Россияга киришда «Спутник V» вакцинаси билан эмланаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилган эди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазири вирусга қарши эмланганидан сўнг анититананинг ҳосил бўлгани ҳақида маълум қилган.