Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳони кунлари эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари ўтказиладиган кунлар маълум қилинди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Fitrat.uz»

Ҳадис илми мактаби — 3 сентябрь «Ҳадис ва мусталаҳ ал-ҳадис» (ижодий имтиҳон). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси айвон қисми.

4 сентябрь «Ўзбекистон тарихи» (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Тошкент ислом институти биноси ҳовлиси.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти — 7 сентябрь «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдон қисми.

Мир Араб олий мадрасаси — 10 сентябрь «Фиқҳ ва ақоид», «Ўзбекистон тарихи» фанлари (тест синови). Имтиҳон ўтказиш жойи — Мир Араб олий мадрасаси биноси очиқ айвон қисми.

Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00 дан 6:30 гача давом этади. 6:30 дан 7:00 гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.

Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, синовлар бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.

Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши талаб этилади. Имтиҳонга кириш рухсатномасини qabul.muslim.uz портали орқали юклаб олиш мумкин.

Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда қабул имтиҳонларига киритилади:

  • дезинфекция туннелидан ўтказилади;
  • тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;
  • тиббий ниқоб, қўлқоп ва кепка билан таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойларда абитуриенталарнинг ота-оналари ва яқинлари учун алоҳида жойлар тайёрланмайди.

Янгиликлар