30 мингдан нофаол аккаунтгача. Вилоят ҳокимларининг ижтимоий тармоқларда қанча обуначиси бор?

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook тармоғи халқ аҳволини яхшироқ акс эттирадиган кўзгуга айланди, десак адашмаймиз. Одамлар муаммоларини, асосан, ижтимоий тармоқ орқали оммага олиб чиқмоқда, муҳокама қилмоқда. Бунда ҳар бир вилоят раҳбари ўз ҳудуди аҳолисининг реал муаммоларидан хабар топишда ўзларининг расмий саҳифалари бўлиши кун талабидир. Бундай саҳифаларнинг мавжудлиги, фаоллиги, кўпроқ обуначини жалб қилгани маълум маънода ҳоким фаолиятининг халққа яқинлигини ҳам кўрсатади.

Хўш, бугунги кунда республикадаги қайси вилоят раҳбарларининг ижтимоий тарқмоқда саҳифаси бор ва уларнинг обуначилари қанчани ташкил этади? «Tez News» эътиборингизга вилоят ҳокимларининг Facebook’даги саҳифалари рейтингини ҳавола этади. Рейтингни тузишда улардаги обуначилар сони ҳисобга олинди.

Яна шуни ҳам қайд этиш керакки, баъзи вилоят ҳокимларининг саҳифалари бўлмагани сабабли ҳокимлик саҳифасини рейтингда қайд этдик. Яна баъзиларида расмий эмас, шахсий саҳифалар ва гуруҳлари борлиги аниқланди. Қуйида буларнинг барчасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Фото: «Tez News»

Шундай қилиб, Facebook’да расмий саҳифага эга вилоят ҳокимлари сони беш нафар бўлиб, улар Самарқанд, Бухоро, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимларидир.

Бу вилоят ҳокимлари орасида ижтимоий тармоқларда анча фаол бўлган Самарқанд ҳокими Эркин Турдимов етакчилик қилмоқда. Унинг номидаги саҳифа обуначилари сони 29,4 минг кишини ташкил этмоқда.

Иккинчи ўринда эса сўнгги кунларда муҳокамаларга сабаб бўлган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов номидаги саҳифа бормоқда. Унинг обуначилари сони 11,4 мингни ташкил қилади.

Учинчи поғонадан яқинда Фарғона вилояти ҳокими этиб тайинланган Хайрулло Бозоров саҳифаси ўрин эгаллади. Ушбу саҳифани 6,1 минг обуначи кузатиб бормоқда.

Тўртинчи ўринни 4,4 минг обуначи билан Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов саҳифаси банд этган бўлса, бешинчи ўриндаги Бухоро вилоятининг янги тайинланган ҳокими Ботир Зариповнинг саҳифасида бор-йўғи 664 нафар обуначи бор.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов (4 959 та дўст), Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов (615 та дўст) ва Наманган вилоятининг яқинда тайинланган ҳокими Шавкат Абдурразоқовда (145 та дўст) расмий эмас, шахсий саҳифалар мавжуд. Шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов номидан очилган муҳокама гуруҳида 6 131 аъзо мавжуд.

Қолган вилоятлар ҳокимларининг расмий Facebook саҳифалари йўқлиги сабаб ҳокимликларнинг саҳифаларини олишга қарор қилдик.

Ҳокимликлар саҳифалари орасида Тошкент шаҳар ҳокимлигиники мутлақ етакчилик қилмоқда. Бу саҳифани 53,7 мингдан зиёд обуначи кузатиб боради.

Иккинчи ўринни Тошкент вилояти ҳокимлиги саҳифаси 4,8 минг обуначи билан эгаллаб турибди.

Учинчи ўринда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги саҳифаси бормоқда. Ҳокимлик матбуот хизматига тегишли саҳифани 4,5 минг обуначи кузатиб боради.

Тўртинчи ўринни Наманган вилояти ҳокимлиги саҳифаси 3,5 минг обуначи билан банд қилиб турибди.

Бешинчи ўринда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги саҳифаси бормоқда. Ҳокимлик саҳифасини 1,5 мингдан ортиқ обуначи кузатиб боради.

Олтинчи ўринни Жиззах вилояти ҳокимлиги саҳифаси (1,2 минг обуначи) эгаллаган бўлса, еттинчи ўринда Сирдарё вилояти ҳокимлиги саҳифаси бормоқда. Саҳифани бор-йўғи 723 обуначи кузатиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг расмий сайтида кўрсатилган Facebook’даги манзил фаол эмаслиги маълум бўлди. У ерда фақат 11 обуначи бор, охирги ҳаракат эса январь ойида амалга оширилган экан.

Рейтинглар