Бухоро шаҳрида 20 нафар маҳкум муддатидан олдин озод этилди (видео)
Бухоро шаҳрида 20 август, пайшанба куни Мустақиллик байрами арафасида 20 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди юритуви Ички ишлар органлари пробация бўлинмаси назоратида бўлган 20 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан тўпланган ҳужжатлар сайёр суд тартибида кўриб чиқилган. Унда маҳкумлар шартли равишда муддатидан олдин озод этилган.
Сайёр суд мажлисида Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва ички ишлар органлари пробация бўлинмаси ҳодимлари, профилактика инспекторлари ва назорат остидаги шахслардан 40 дан ортиғи иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мустақиллик байрами арафасида Булунғурда 8 нафар ва Самарқандда 154 нафар маҳкум жазодан озод қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 33 нафар, Ургутда 17 нафар, Пастдарғомда 18 нафар, Иштихонда 15 нафар, Булунғурда 8 нафар, Самарқанд туманида 21 нафар, Пахтачида 19 нафар ва Нарпайда 13 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани маълум қилинган.