Самарқандда ЙПХ ходимига 1,5 млн сўм пора бераётган ҳайдовчи қўлга тушди

Самарқанд вилоятида йўл-патруль хизмати ходимига жарима майдончасида турган автомашинасини олиб чиқиб бериши учун 1,5 миллион сўм пора бермоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди, деб хабар берди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 27 август куни соат 11:20 лар атрофида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ЙПХБ 1-отряд йўл-патруль хизмати инспектори И.Г. томонидан М-39 Тошкент—Термиз йўлининг 1081-километрида «Malibu-2» русумли давлат рақам белгиси бўлмаган автомобиль тўхтатилиб текширилган. Текширув давомида ҳайдовчи 1991 йилда туғилган Х.Ж. меъёрий ҳужжатларсиз, давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб, ЙҲХБдан тегишли рухсатнома олмасдан, автомобилнинг ён ва орқа ойналарини қорайтириб олган ҳолда бошқариб келаётганлиги аниқланган ва ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси эса вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Хабарда айтилишича, 27 август куни Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ штаб видеокузатув гуруҳи кичик инспектори Ф.Э. маъмурий амалиёт хонасида хизмат вазифасини бажараётган вақтда олдига фуқаро Х.Ж. келиб, автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 1 500 000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида бермоқчи эканлигини маълум қилган. Ходим фуқаро Х.Ж. билан ўрталарида бўлган суҳбатни телефон аппаратига ёзиб олганлигини, мазкур ҳолат бўйича тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро Х.Ж.га нисбатан қонуний чора кўришни билдирги орқали мурожаат қилиб сўраган.

Мазкур билдирги асосида 27 август куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ва Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.К. сержант Ф.Э.нинг хизмат хонасида 1 500 000 сўм пулларни пора сифатида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

«Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Х.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Каттақўрғонда абитуриентни 8000 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга ушлангани, Хоразмда тадбиркорга ер ажратиб бериш эвазига 20 минг доллар пора талаб қилган мансабдор қўлга тушгани ҳамда Наманганда инспекторга 500 минг сўм пора таклиф қилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Наманганда ЙПХ инспекторига 50 AҚШ доллари пора таклиф этган ҳайдовчи, Самарқандда сариқ рангли металлни тилла деб сотган шахс жиноятини яшириш учун 900 доллар пора бераётганида қўлга олингани ҳамда Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди.