Бухоро шаҳрида «подъезд»да қаровсиз қолдирилган 1,3 млн сўмлик велосипедни ўғирлаган шахс ушланди

Бухоро шаҳрида фуқаронинг яшаш уйи «подъезд»ида қаровсиз қолдирилган 1,3 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур велосипед шаҳардаги Қ.Муртазоев кўчасида яшовчи С.С.гa тегишли ҳисобланади. Қиймати 1,3 миллион сўм бўлган бу велосипед унинг яшаш уйи «подъезд»ида турган вақтда ўғирланган.

Маълум қилинишича, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан 9 август куни олиб борилган тескор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Ёшлик кўчасида яшовчи М.Ж. содир этганлиги аниқланиб, ашёвий далил билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича М.Ж. га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Марғилонда 800 минг сўмлик, Қўқонда 5 миллион сўмлик, Фарғонада 1,5 миллион сўмлик велосипедларни ўғирлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқонда 1,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган йигит ушланган.

Янгиликлар