«Энг ёмони ҳали олдинда». АҚШ бош инфекционисти мамлакатдаги вазият ҳақида

АҚШ юқумли ва аллергик касалликлар маркази раҳбари, доктор Энтони Фаучи коронавирус пандемиясининг энг ёмон пайтлари ҳали келмаганлигини айтди. Бу ҳақда у «CNN» телеканалига берган интервьюсида таъкидлади, деб ёзади «Korrespondent».

Энтони Фаучи
Фото: «AFP»

«Биз таътилдан кейин эпидемияни кутишимиз мумкин, яъни Рождество ва Янги йилни назарда тутяпман. Касалхонага ётқизиш даражаси кунига 120 минг кишини ташкил этгани билан биз ҳозир жуда нозик босқичда турибмиз», — дейди мутахассис.

Фаучи, шунингдек, шифокорлар ва мутасаддиларнинг таътил вақтида уйда ўтиришларини сўраб мурожаат қилганига қарамай, ҳамма ҳам бу тавсияларга қулоқ солмаслигини қўшимча қилди. Америкаликлар қачон вирусга қарши умумий иммунитетга эга бўлишлари тўғрисида саволга шифокор бу тез орада бўлмаслигини айтган. «Менимча, бу келгуси ёзнинг ўрталарига қадар содир бўлиши мумкин», — дейди у.

Маълумот учун, айни пайтда АҚШ дунё мамлакатлари орасида коронавирус энг кўп тарқалган давлат бўлиб турибди. Вирус қайд этилганлар 28 декабрь Тошкент вақти билан соат 10:30 ҳолатига кўра, 19 573 847 кишини ташкил этмоқда. Ўлимлар сони 341 138 тага етган. Касалликдан ҳозиргача 11 495 875 киши фориғ бўлган. 7 736 834 нафар аҳоли вирусга қарши даволанмоқда.

Аввалроқ АҚШнинг янги сайланган президенти Жозеф Байден АҚШ учун пандемиянинг оғир даври келаётганини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат бергани ҳақида хабар берилган эди. Аммо вакцина билан эмланган шифокорларнинг аҳволи ёмонлашган. Эмлашдан кейин 10 дақиқа ўтиб, ўрта ёшли аёлда анафилактик реакция бошланган: нафаси қисиб, тошма тошган ва пульс тезлашган. Аёлга осма укол қўйишган, аммо уни олиб ташлагандан кейин симптомлар қайта такрорланган.

Янгиликлар