Сирдарёда 8 минг долларга сотиб олинган қалбаки 20 минг доллар ёқиб юборилди

Сирдарё вилояти Сардоба туманида 8 минг долларга сотиб олинган 20 минг доллар қалбаки пуллар ёқиб юборилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Хабарга кўра, 2020 йилнинг 1 октябрь куни Т.Ш. ўзининг жиноий шериги К.Х. ҳамда Қирғизистон фуқароси бўлган «Ҳожи» исмли шахс билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Фарғона шаҳрида «Ҳожи»нинг «Жаъфар» исмли танишидан 8 минг доллар эвазига жами 20 минг доллар миқдоридаги қалбаки пулларни сотиб олган.

Маълум қилинишича, улар Тошкент вилоятидан Сирдарё вилояти томон ҳаракатланиб кетаётган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Ширин шаҳар Йўл потрул хизмати постида ушланган ва 20 минг доллар миқдоридаги қалбаки пуллар далилий ашё сифатида олинган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди томонидан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят кодексининг 25,176-моддаси 3-қисми «а» банди билан судланган К.Х. ва бошқаларнинг жиноят иши бўйича далилий ашё сифатида олинган қалбаки 20 минг долларни тегишли тартибда йўқ қилиш тўғрисида суд қарор чиқарган. Туман МИБ томонидан бу вазифа жорий йилнинг 28 январь куни амалга оширилган.

Аввалроқ Самарқандда қалбаки пул ишлаб чиқариб, муомалага киритиб келган 2 нафар эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида дориларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган фуқаро ушлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар