Самарқандда ўғлининг жиноятини яшириш учун ИИБ ходимига 4000 доллар пора бермоқчи бўлган онага жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилоятида ўғлининг гиёҳванд моддалари билан боғлиқ жиноятини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига ИИБ ходимига 3000 доллар пора таклиф этган ва 4000 доллар бермоқчи бўлган онага жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 2020 йил 26 август куни Самарқанд тумани Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан фуқаро И.И.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи ҳўжаликларида ўтказилган тинтув тадбири давомида уйидан бир дона рангсиз целлофан бўлакчасига қадоқланган, соф оғирлиги 0,22 граммга тенг гашиш гиёҳвандлик воситаси аниқланган ва холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг ахборотига кўра, тадбир вақтида фуқаро И. яшаш уйидан номаълум томонга қочиб кетган. Шундан сўнг ўша куни соат 19:00 атрофида Самарқанд тумани ИИБ ходимининг олдига ўзини гумон қилинувчи И.И.нинг онаси деб таништирган З.З. келиб, ўғлининг хонадонидан гиёҳвандлик воситаси топилганлиги, бу ишни пул эвазига ижобий ҳал қилиб беришни сўраган.

ИИБ ходими аёлга гиёҳвандлик воситалари билан муомала қилиш жиноят эканлиги, бу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилганлигини, ўғлини тергов ҳаракатларига жалб қилиш учун олиб келишини айтишига қарамасдан, ўғлининг ишини ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига қўл бармоқлари ёрдамида уч рақамини кўрсатиб, 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни беришни таклиф қилган.

«Ходим фуқаронинг бу ҳаракати ноқонунийлиги, пора бериш, олиш, олиш-беришда воситачилик қилиш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан З.З. 3000 доллар миқдоридаги пулларни 27 август куни соат 10:00 да олиб келишини айтиб, чиқиб кетган.

Туман ИИБ ходими вилоят ИИБга билдирги билан мурожаат қилиб, юқоридаги ҳолатни баён қилган. Мазкур билдиргига асосан, 2020 йил 27 август куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро З.З. ўғли И.И. томонидан содир этилган жиноят бўйича жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига ИИБ ходимига хизмат хонасида 4000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд туман прокуратураси томонидан З.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Авваалроқ Самарқандда ЙПХ ходимига 1,5 миллион сўм пора бераётган ҳайдовчи, Бўстон адлия бўлими мансабдори 3 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга тушгани ҳамда Каттақўрғонда абитуриентни 8000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Нурободда фуқаронинг 500 минг сўмга яқин пулини олган 3 нафар ИИБ «ходими» қўлга олингани ва Aндижонда 4 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган ўқитувчи ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар