Гиёҳванд моддалар, жинсий зўравонлик, қотиллик. Ўзбекистонликлар Россияда энг кўп қайси жиноятларни содир этган?
Россия қамоқхоналарида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг 60% наркотик моддалар савдоси билан айбланган. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Фуқаролик, легализация ва бошқа консуллик ҳаракатлари масалалари бошқармаси бошлиғи Мунира Низамова «Дунё» агентлигига берган интервюсида маълум қилди.
Низомованинг айтишича, Россия қамоқхоналарида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари содир этган жиноятлар қуйидаги тарзда тақсимланган:
• 60% — гиёҳванд моддалар савдоси;
• 12% — жинсий зўравонлик;
• 7% — қотиллик;
• 4% — ўғирлик;
• 3% — терроризм.
Низомова, шунингдек, россиялик аэропортларда ўзбекистонликлар соатлаб ушлаб турилаётган ҳолатларга ҳам изоҳ берди.
Ўзбекистондан келаётган рейслар аэропортларда жуда узоқ текширилади. Ўртача 6–8 соат давом этади. Баъзи ҳолатларда бу жараён 10–12 соатгача чўзилади. Тасаввур қилинг, аёллар болалари билан 12 соатлаб аэропортда ўтиришга мажбур. Бу эса фуқароларимиз томонидан чет эллардаги салбий хатти-ҳаракатлар оқибатидир, — деди у.
Унинг таъкидлашича, Россияда бу каби рейдлар сўнгги пайтларда анча тез-тез ўтказилаяпти.
Агар фуқароларимиз қонунларга риоя қилишни, бошқа мамлакатларнинг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилишни ўрганмасалар, Ташқи ишлар вазирлиги, элчихоналар ва консуллик муассасалари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самара бермайди, — дея таъкидлади Низомова.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Россиянинг Краснояр ўлкасида ИИВ бош бошқармаси ходимлари, ўзбек эстрада қўшиқчиси Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертини тўхтатиб, барча мехмонлар устида текширув ўтказди.