Путин маслаҳатчиси Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни «ички жараён» эканини айтди
Россия президенти маслаҳатчиси Антон Кобяков Совет Иттифоқи юридик жиҳатдан ҳанузгача мавжудлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Петербург халқаро юридик форумида айтиб ўтди.
Кобяковнинг айтишича, конституциявий ҳуқуқ бўйича мутахассислар, жумладан, хорижий экспертлар ҳам СССРни тарқатиш тартиби бузилганини илгари суришмоқда. Унинг фикрича, агар 1922 йилда Халқ депутатлари (Советлар) сезди иттифоқни ташкил қилган бўлса, уни тарқатиш ҳам айнан шу съезд қарори билан амалга оширилиши керак эди.
У, шунингдек, 1991 йил 8 декабрда имзоланган Беловеж битимларининг ҳуқуқий асосланганлигига шубҳа билдирди. Кобяковга кўра, бу битимларни РСФСР, Украина ССР ва БССР Олий Советлари ратификация қилган бўлса-да, бу уларнинг ваколатига кирмаган.
Маслаҳатчи ўз фикрига асосланиб, Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатларини «ички жараён» деб атаган ва замонавий воқеаларни тўғри тушуниш учун СССР парчаланишига ҳуқуқий баҳо бериш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, СССР ҳануз мавжуд деган ғоя кўп йиллардан бери конспирологик доираларда мавжуд бўлиб, ҳатто айрим шахслар ўзларини «СССР фуқаролари» деб аташган. 2022 йилда Россия Адлия вазирлиги ушбу ҳаракатни экстремистик деб эълон қилган ва унинг етакчиси Сергей Тараскин 8 йилга қамалган.
Россия президенти Владимир Путин эса илгари Совет Иттифоқи парчаланишини “XX асрнинг энг катта геосиёсий фалокати” деб атаган.