Ерости сувларига ноқонуний қудуқ бурғилаганлар маъмурий жавобгарликка тортилади
5 май куни имзоланган қонунга мувофиқ ерости сувларига қудуқни қонунга хилоф равишда бурғилаш, уларни назоратсиз ишлатиш ва белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари энди маъмурий жавобгарликка тортилади. Қонун ҳужжати Lex.uz сайтида эълон қилинди.
Қонунда қайд этилишича, ерости сувларига бўлган талаб ортиб бораётгани, айниқса суғориш ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун рухсатсиз қудуқлар бурғиланиши, сувдан назорат ва ҳисоб-китобларсиз фойдаланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва тартибга солиш зарурати юзага келган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра:
• ерости сувларини рухсатсиз олиш, сув истеъмоли қоидаларини бузиш, сув олиш лимитларига риоя қилмаслик, қудуқни ноқонуний бурғилаш фуқаролар учун БҲМнинг 6 дан 15 бараваригача, мансабдор шахслар учун БҲМнинг 15 дан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади;
• ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса фуқаролар учун БҲМнинг 15 дан 20 бараваригача мансабдор шахслар учун БҲМнинг 21 дан 30 бараваригача миқдорда жарима белгиланади.
Шунингдек, ерости сувларини махсус ўлчов ускуналарисиз олиш ҳолатларида солиқ ставкаси белгиланган меъёрнинг 5 баравари миқдорида ундирилади. Аммо бу қоида жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари (жумладан, томорқа суғориш) учун кунига 5 куб метргача сув оладиган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Қонун эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 4 мартда қабул қилинган ва 30 апрель куни Сенат томонидан маъқулланган эди.