Тошкент шаҳри ва вилоятида атмосферага зарар етказаётган 100 дан ортиқ хўжалик фаолияти тўхтатилди

Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги вилоятларда атмосферага зарар етказувчи 106 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди, деб хабар беради Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик томонидан пойтахт ҳудудидаги иссиқхона хўжаликлари, саноат корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводлари ва бошқа йирик ишлаб чиқарувчи ҳамда ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.

Назорат тадбирлари натижасида 4 869 объект ўрганилиб, улардан 595 таси иссиқхона хўжаликлари (Тошкент вилоятида — 381 та, Тошкент шаҳрида — 214 та), 2 265 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 1 998 саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари бўлди.

Ўрганишлар давомида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланди. Хусусан, айрим хўжаликларда зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатувчи моддалар ҳавога чиқарилган, — дейилади хабарда.

Аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолати бўйича кескин чоралар кўрилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Жумладан, дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган 58 иссиқхона хўжалигига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди, 106 хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, 387 ҳолат бўйича экологик талабларига мувофиқлаштириш ҳамда плёнка, автошина ва ўсимлик қолдиқларини ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан расмий огоҳлантириш хатлари юборилган.

AI News