Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушди

Бухорода фотомодель қилишни айтиб, қиздан 650 минг сўм олган сохта фотограф қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 27 август куни Тошкент шаҳрида яшовчи Н.Ф. Шахрисабз шаҳрида яшовчи Т.С.нинг ишончига кириб, ўзини таниқли журнал фотосуратчиси сифатида таништирган.

Шунингдек, Н.Ф. қизни қадимий обидалар олдида суратга тушириш мақсадида Бухоро шаҳрига олиб келган.

Таъкидланишича, у фотосуратларини журналнинг бош саҳифасига чиқариб, уни фотомодель сифатида машҳур қилишини айтиб, журналнинг ҳар бир саҳифаси учун қизга 850 минг сўмдан тўлов тўлашни айтиб, Т.С.дан меҳмонхона харажатлари учун 650 минг сўм нақд пулларини алдов йўли билан олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан муқаддам худди шу каби жиноятни содир этганлиги учун судланиб, жавобгарликка тортилган Ф.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошлоқда салкам 40 миллион сўмлик қорамолларни олиб, пулини тўламаган шахс қўлга олингани, Наманганда танишига «Lacetti»сини сотишни ваъда қилиб, уни 4750 долларга чув туширган шахс ушлангани, Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархда олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани, Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Қувасойда 18 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар аёлга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар