Бухорода кириш имтиҳонлари 10 кун давомида 3 та спорт марказида ўтказилади (фото)
Бухоро вилоятида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини 10 кун давомида 3 та спорт марказида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров ҳамда вилоят прокурори Дилшод Файзиев «Бухоро спорт мажмуаси» ва «Умид» спорт-соғломлаштириш марказида имтиҳон ўтказиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.
Масъулларга кириш имтиҳонларини карантин талабларига амал қилган ҳолда шаффоф ўтказиш борасида барча ташкилий чораларни кўриш юзасидан топшириқлар берилди. Жумладан, дезинфекцион ва кириш-чиқиш йўлаклари, кузатув мосламаларини белгиланган меъёрларга мувофиқ тарзда тайёрлаш ва ўрнатиш кераклиги таъкидланди.
Маълумот учун, 2020 йил Бухорода ОТМларга кириш синовлари «Бухоро» ўйингоҳи, «Умид» спорт-соғломлаштириш маркази стадиони, «Дилкушо» теннис мажмуаси кортларида ўтказилади. Имтиҳонлар 2 сентябрдан бошланиши назарда тутилмоқда. Тест синовлари икки сменада олиб борилади. Бир сменада 3 минг 300 кишидан 10 кун давомида имтиҳон топширилади.
Аввалроқ Самарқандда тест синовлари 11 кун давомида 4 та очиқ майдон ва 3 та стадионда ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга тест синовисиз тавсия этиш ҳуқуқига эга вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқлангани, ДТМ раҳбари тест синови вақти 2 соатга қисқаришини маълум қилгани, республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётганлиги ҳамда тест саволлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берилганди.