Бухоро туманидаги «Меҳнат ярмаркаси»да 20 нафар фуқаро ишга жойлашди
Бухоро туманидаги Галаосиё педагогика коллежида ҳоким ташаббуси билан 18 cентябрь куни «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» ташкил этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, унда тумандаги 30 дан ортиқ ташкилот ва корхоналар 250 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этган. Тадбирда туманнинг барча ҳудудларидан келган ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида мутахассислар томонидан тегишли тушунча ва тавсифномалар берилган.
Таъкидланишича, ушбу «Меҳнат ярмаркаси» туман ҳокими Эсанов Муҳиддин Турдиевич томонидан ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Қайд этилишича, ярмаркада 20 дан ортиқ ишсиз фуқаролар ва ёшлар қизиққан касблари бўйича ишга жойлашган.
Аввалроқ «Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилган Андижонда 64 киши, Наманган шаҳрида 186 киши, Данғарада 38 киши, Мингбулоқда 102 киши, Чортоқда 114 киши, Наманганда 383 киши, Андижон шаҳрида 318 киши ҳамда Ёзёвонда 23 киши ишга жойлаштирилгани ҳақида хабар берилган.