Ғиждувондаги эҳтиёжманд оилаларга товуқ ва қуён етказиб берилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 23 август, якшанба куни Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли 3-секторда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича эҳтиёжманд оилаларга товуқ ва қуён тарқатилди, деб хабар берди Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Ғиждувон туманининг «Бештуво» маҳалла фуқаролар йиғини Бештуво қишлоғида яшовчи фуқаро Раҳматов Аҳмадга 10 дона товуқ берилган. Шунингдек, «Ростгўй» маҳалла фуқаролар йиғини Ростгўй қишлоғида яшовчи фуқаро Бобоқулов Нусратнинг хонадонига 4 бош қуён етказиб берилган.
Аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари, Бухорода Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол ҳамда Сирдарёда «темир датар»га киритилган 731 та оилага салкам 601 миллион сўм пул тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули, Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм ва Андижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгаги маълум қилинганди.