«Мактабга борадиган болаларни гриппга қарши вакцина олиш ёки олмаслигини шифокор белгилайди» — Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси

АОКА ҳузуридаги штабда 5 сентябрь, шанба куни  бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева бир қатор муҳим мурожаат ва саволлар, хусусан, мактабга бориш учун болаларни гриппга қарши эмлаш мажбурийми, рад этган болаларнинг 1-синфга бормаслиги ростми кабиларга жавоб қайтарган.

Кадр: YouTube

Мутахассиснинг айтишича, шифокор кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда болага вакцина олиш ёки олмасликни баҳолайди.

«Биз оддий касаллик деб ҳисоблаган грипп ҳаёт учун катта хавф туғдириши, ҳатто оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Кўпинча нохуш оқибатлар асосан болаларда, ёши катта ва суст иммунитет эгалари орасида кузатилади. Бундай ҳолларда гриппга чалинмасликнинг энг самарали усули бу касалликка қарши эмлаш ҳисобланади», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилган.

Аввалроқ янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги, мактабларда дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳамда COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилингани ва ўқувчилар янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар