Ўзбекистонда 2020 йилда салкам 148 минг ўринли хусусий боғчалар фойдаланишга топширилади

Ўзбекистонда 2020 йилда 147,9 минг ўринли хусусий боғчалар фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) вакиллари иштирокида 10 сентябрь, пайшанба куни бўлиб ўтган анжуманда маълум қилинди.

Вазирлик матбуот хизматининг «Tez News»га хабар беришича, анжуманда вазирлик мутахассислари иш қайта тикланганидан сўнг мактабгача таълим ташкилотларидаги фаолият қай тарзда ташкиллаштирилиши ҳақида сўзлаб берди.

Унга кўра, мактабгача таълимда хусусий секторни ҳам рағбатлантириш давом эттирилмоқда. Шу тариқа, 2018—2019 йилларда МТВ умумий қиймати 3,89 триллион сўмга тенг Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) ҳақидаги шартномаларни имзолади. Улардан 1,1 триллион сўми тадбиркорлар ҳисобидан, 2,8 триллион сўми имтиёзли кредитлар ҳисобига тўғри келди. Фойдаланишга топширилиши кутилаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари 147,9 минг ўринга тенг. 2020 йилда яна 2 мингта оилавий ва 420 та ДХШ доирасидаги МТТлари очилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, пандемия давомида иккита асосий масалага эътибор қаратилди:

  1. Ходимлар ва болалар соғлиғини сақлаб қолиш.

COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йилнинг 16 март куни Мактабгача таълим вазирлиги 14 мингта МТТ, хусусан, 6 мингта давлат, 6,7 мингта оилавий, 753 та хусусий ва 692 та ДХШ асосидаги МТТ фаолитини тўхтатди. Ходимлар тўланадиган меҳнат таътилига юборилди ёки масофавий ишлаш тартибига ўтказилди. 2020 йилнинг 23 мартидан МТТларда дезинфекция тадбирлари бошланди. Шу вақтнинг ўзида вазирлик мактабгача таълим тизимига тегишли 97 та педагогик коллеждаги ўқув жараёнларини тўхтатди, 27,5 минг нафар ўқувчи ва талабаларни эса таътилга чиқарди.

2. «Илк қадам» (3—5 ёшдаги болалар учун) ва «Ақлвой» (6 ёшдаги болалар учун) дастурлари бўйича таълимнинг узлуксиз бериб борилишини таминлаш.

Болалар уй шароитида ҳам теварак-атрофни ўрганишни тўхтатмаслиги учун «Болажон» телеканалида «Онлайн болалар боғчаси» дастурининг бир неча сони тайёрланиб, эфирга ўзатилди. Видео-дарслар ҳар куни 1 апрелдан 15 июнга қадар ўзбек ва рус тилларида намойиш этилди. Эфирга узатилган дастурлар эса қўшимча равишда Telegram каналлари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Шунингдек, ота-оналар ва МТТ мутахассилари учун тиббиёт ходимлари, педагоглар, психологлар ва дефектологлар иштирокида «Саломатлик алифбоси» деб номланган махсус теледастур тайёрланиб, намойиш этилди.

Бундан ташқари, МТВ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда COVID-19 пандемияси даврида МТТлар ички фаолиятини тартибга солиш ва ташкиллаштиришга йўналтирилган Вақтинчалик санитария-эпидимиология талабларини ишлаб чиқди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда уч йил ичида боғчалар сони 5 мингтадан салкам 15 мингтага етди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода давлат боғчалари 14 сентябрдан босқичма-босқич очилиши, Поп туманида боғчалар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилиши хабар қилинган эди. Булунғурда эса давлат боғчалари ҳамшираларига амалий семинар ўтказилган.

Янгиликлар