Қоракўлда профилактика инспекторига салкам 200 минг сўм пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Бухоро вилояти Қоракўл туманида профилактика инспекторига 188 минг сўм пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори катта лейтенант Бобир Рўзиевнинг вилоят ИИБ бошлиғи номига ёзган билдиргисида бу ҳақида маълум қилган.
Унинг билдиргисига асосан ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси вилоят бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Қашқадарёда туғилган фуқаро Н.Ж. ўзининг устидан келиб тушган тан жароҳати билан боғлиқ ариза юзасидан унга нисбатан чора кўрмаслик эвазига профилактика инспекторига 188 минг сўм пулни пора тариқасида бермоқчи бўлган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Қоракўл тумани прокуратураси томонидан фуқаро Ж.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида Жиноят кодексининг 211-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мавзуга доир: Самарқандда ИИБ ходимига ишни «босди-босди» қилиш учун 4 минг доллар бермоқчи бўлганлар қўлга олинди
Аввалроқ Самарқандда 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс ва 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар ва ўқишга киритиш эвазига 400 доллар пора олган шахс қўлга тушгани маълум қилинди.