Туризмни ривожлантириш институтида фалсафа фанлари доктори ва фан доктори илмий даражалари учун ҳужжат қабул қилиш бошланди
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институтида 2021—2023 йиллар учун фалсафа фанлари доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини мустақил ўрганиш учун ҳужжатлар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, институтда илмий даража изланиши учун 4 йўналиш очилган: «Хизмат кўрсатиш соҳалари иқтисодиёти», «Этнография, этнология ва антропология», «Маркетинг» ва «Менежмент».
Қайд этилишича, 2021 йилдан институт туризм соҳасида таянч докторантура ҳамда юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича докторантурани очишни режалаштирган. Бу мутахассисликни чуқур ўрганиш ҳамда Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилувчи ишдан узилган ҳолда докторлик диссертациясига тайёргарлик кўриш ва уни ҳимоялаш учун илмий изланишлар олиб бориш имконини беради.
Мустақил изланиш олиб боришга даъвогар шахс ҳужжатларни илова қилган ҳолда Қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Маълумот учун, 2019 йилнинг бошида туристик кадрларни тайёрлаш тизимини яратишга доир қарор қабул қилинган. Бунинг натижасида 2019 йилнинг октябрь ойида «Туризм ўқув-консалтинг маркази» давлат унитар корхонаси базасида Туризмни ривожлантириш институти ташкил этилган.
Марказнинг устувор йўналишлари сифатида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ва изланишларни ўтказиш, соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, халқаро амалиёт ва глобал тенденцияларни ўрганиш белгиланган.
Мамлакатда 1993 йилдан 2019 йилгача туризм соҳаси бўйича 18 докторлик ва 40 номзодлик иши ҳимоя қилинган. Ўзбекистонда туризм соҳаси муаммоларига оид илмий-тадқиқот ишларини 30 нафар мутахассис олиб боради.
Бундан аввал Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент филиалига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Марғилонда Туркиянинг Бурса Улудаг университети филиали очилиши маълум қилинди.