Тошкент вилоятида ерни $7 млн дан ортиқ пулга сотмоқчи бўлган мансабдорлар ушланди
Тошкент вилояти ҳокимлиги Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур мутахасис, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, риэлтор ва яна бир шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киришади.
Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 млн 800 минг АҚШ долларига сотишга келишади.
Шунингдек, улар ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув йўлларини ўтказиш учун техник шарт ва рухсатномалар, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатнома олиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, жами 7 млн 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағи ҳисобидан 160 минг АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





