«Пичоқлаганимни билдим, лекин ўлдириб қўйганимни сезмадим». Самарқандда хотини ва унинг жазманини ўлдирган эр қотиллиги ҳақида гапириб берди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 20 ноябрь куни хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни одамлар кўл ўнгида пичоқлаб ўлдиргани маълум қилинганди. Эркак «Yoshlar» телеканали мухбирига берган интервьюсида қилган ишидан пушаймонлигини ва ўзи билмаган ҳолда пичоқлаб қўйгани ҳақида гапириб берди.

Кадр: Telegram

Арабхона маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган тадбиркор А.М.нинг айтишича, аёлига бу иши нотўғри эканлигини кўп маротаба айтган, уришган ва йўлдан қайтишга ундаган. Аммо натижа бўлмаган.

«Савдо мажмуасини ёнига келиб тўхташди. Бу орада уларни 5 минутча йўқотиб қўйдим. Қидирдим. Кейин қарасам, ‘Samsung’ магазинининг ичида қўл ушлашиб, бир-бирига кўнгилхушлик қилиб, телефон сотиб олмоқчи бўлганми, телефон кўриб юрган экан. Уларнинг бу ишини кўриб, рашк устида ёнига қириб қолганимни, қандай пичоқ урганимни билмай қолдим. Ташқарига қайтиб чиқиб қарасам, қўлларим, ҳамма ёғим қон. Пичоқлаб қўйганимни сездим, лекин ўлдириб қўйганимни билмадим. Қилган ишимдан пушаймонман, рашк устида ўзимни босолмадим. Ўша пайти буларни милиция ҳодимларига топшириб юбошими керак экан ўзи», — дейди эркак.

Унинг сўзларига кўра, қилган иши жиноятлигини билиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» ва «ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тиббий экспертиза тайинланиб, дастлабки ҳужжатлар шакллантирилмоқда.

Аввалроқ Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлагани ва қиз вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Aсакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани маълум қилинган.

Янгиликлар