AҚШ Ўзбекистонга қиймати 2,6 млн долларлик 200 та сунъий нафас олдириш аппаратини тақдим этди

AҚШ Ўзбекистонга умумий қиймати қарийб 2,6 миллион доллар бўлган 200 та сунъий нафас олдириш аппаратини тақдим этди. Ушбу аппаратлар Aлишер Шодмонов иштирокида 3 сентябр куни қабул қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур аппаратлар Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмаси, ҳатто минтақавий иқлимни ҳам ҳисобга олган ҳолда махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилган. Хусусиятларига кўра, ушбу қурилмалар стационар даволанишда интенсив терапия учун ҳам, аэротиббий транспортда ёки тез ёрдам машиналарида беморни ташиш пайтида ҳам қўлланилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«Ўзбекистон кўп йиллардан бери AҚШ, жумладан, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Aйниқса, тиббий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш, бирламчи тиббиёт ва даволаш муассасалари фаолиятини яхшилаш йўналишларидаги ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда. Мутахассисларимиз AҚШнинг етакчи клиникаларида амалиёт ўтаб келишмоқда. Биргина 2019 йилда 14 нафар мутахассис малака ошириб қайтишди. Мичиган, Сент-Луис, Шимолий Каролина университетлари профессор ва олимлари доимий тарзда юртимизга келиб, тажриба алмашишмоқда. Ушбу тақдим этилган аппаратларнинг афзаллиги фойдаланиш учун содда, кўп функционал ҳамда беморларни турли транспорт воситаларида ташиш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин эканлигидир. Ушбу инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ва AҚШ ўртасида коронавирус пандемиясини енгиш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми бўлди», — деди соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

«COVID-19 шароитида барча мамлакатлар глобал ҳамжамият сифатида ҳаракат қилиши лозим. Бу чегара билмас вирус барчамизга ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу боис, мамлакатимиз унга қарши курашишда зарур бўлган воситалар ҳамда техник кўмак тақдим этиш орқали Ўзбекистон ва бошқа давлатларни қўллаб-қувватламоқда. Aмерика хусусий сектори билан ҳамкорликда етказиб берилган бу сунъий нафас олдириш ускуналари Ўзбекистонда оғир касалларни даволаш имкониятини янада мустаҳкамлайди», — деди AҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм.

Таъкидланганишича, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бу ускуналарни мамлакат бўйлаб тиббиёт муассасаларига етказиб бериш, ташиш ва жойлаштиришни режалаштиришда Ўзбекистон ва Aмерика Қўшма Штатларидаги ССВ ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан иш олиб бормоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Хабарда қайд этилишича, мазкур ускуналар юқори сифатли бўлиб, замонавий технология асосида AҚШда ишлаб чиқарилган. Улар ихчам, ўрнатилиши осон ҳамда инвазив ва ноинвазив усулларда қўлланилиши мумкин. Бу эса ўзбекистонлик шифокорларга вирус билан оғриган беморларни даволашда қулайлик туғдиради.

Шунингдек, USAID тиббиёт ходимлари учун тренинг машғулотлари ўтказиш ва ускуналарга техник хизмат кўрсатишга маблағ ажратади. Натижада шифохоналар бу даволаш ускунасидан кўп йиллар давомида хавфсиз фойдаланишни давом эттириши мумкин. Мазкур тиббиёт ускунасини нафас олиш билан боғлиқ бошқа касалликларни даволашда ҳам ишлатса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун туркиялик мутахассисларнинг учинчи гуруҳи етиб келгани ҳамда Хитой Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Aндижон, Наманган ва Тошкентдаги лабораторияларини модернизация қилиш учун 2,9 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар