Қўқонда салкам 2,5 млн сўмлик телевизорни ўғирлаган шахс қўлга олинди

Қўқонда хонадонга ўғриликка тушиб, қиймати 2,4 миллион сўм бўлган телевизорни ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ aхборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Турон кўчасида яшовчи фуқаро Т.Ж. 2 сентябр куни ИИБга мурожаат қилиб, унда шу куни соат 00:10 дан соат 03:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, меҳмонхонасида бўлган нархи 2 400 000 сўмлик телевизорини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.И. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Булунғурда машина ичидан 700 минг сўм ўғирлаган шахс ушлангани, Қўқонда хонадондан 50 минг долларлик тақинчоқ ва бриллиант тошларни ўғирлаган шахс қамоққа олингани, Олтиариқда қиймати 2 миллион сўмга яқин темир бўлакларини ўғирлаган шахс қўлга олингани, Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгар қўлга олингани, Ургутда автомашинадан 1 миллион сўмдан ортиқ пул ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳамда Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар