Бош прокурор Маданият вазирлигидаги жиноий схема ҳақида маълумот берди

Бош прокурор коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Маданият вазирлигидаги айрим мансабдорларнинг жиноий схемаси ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, муқаддам ўғрилик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. И. дастлаб ишни танишлари Ё. ва Қ. билан жиноий режа тузишдан бошлаган.

Бош прокурор сўзларига кўра И. вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олган. Шундан сўнг вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 миллиард сўм ўтказиб берилган. Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига «Ўрикзор» бозоридан 264 миллион сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олган ва унинг грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширган.

Фото: «Tez News»

«Вазирлик эса маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради. Схемага кўра маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 миллиард сўм маблағ талон-торож қилинади. Бу орқали вазирлик мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишади», — дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Унинг таъкидлашича, вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 миллиард сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон-торож қилган. Шунингдек, 13,5 миллиард сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 миллиард сўмга олиш йўли билан 6,7 миллиард сўм ҳам талон-торож қилинган.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, ушбу жиноий схема билан 12 миллиард сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозирда бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар