Ўзбекистонда ижтимоий солиқ тўлаган меҳнат мигрантига қанча миқдорда пенсия белгиланиши маълум бўлди

АОКАда 9 ноябрь, душанба куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Пенсия жамғармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ижтимоий солиқ тўлаган меҳнат мигрантига қанча миқдорда пенсия белгиланиши маълум қилинди. Бу ҳақда анжуманда иштирок этган «Теz News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Президентнинг 15 сентябрда қабул қилинган «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб, қайтиб келган шахсларга:

а) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорида субсидия тўланади:

  • якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ёки кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказган вақтдан бошлаб биринчи уч ой давомида ижарага олинган бино ва иншоотларнинг ижара ҳақини тўлаш учун;
  • тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқиш учун;
  • кредит олишда кредит таъминоти сифатида тақдим этиладиган суғурта полиси бўйича тўловларни амалга ошириш учун;

б) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган кредитлар бўйича кредит фоизи ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Aброр Холматов ижтимоий солиқ тўлаган меҳнат мигрантига қанча миқдорда пенсия белгиланишини маълум қилди.

«Нафақалар — ёшга доир нафақа, ногиронлик нафақаси ва боқувчисини йўқотганлик ҳақидаги нафақага бўлинган. Шуни адаштирмаслик керак. Нафақа бу пенсия эмас. Кўп ижтимоий тармоқларда нафақа ва пенсия тушунчаларини чалкаштириб юборишади. Бу икки хил нарса. Нафақа иш стажи йўқ одамга берилади. Бу давлат томонидан кафолатланган маблағ. Пенсияда эса шу фуқаро фақат пенсия жамғармасига ўз ҳиссасини қўшгандан кейингина унга пенсия тайинланади.

Чет элда ишлаётган фуқаро ихтиёрий тарзда жамғармага ўз ҳиссасини қўшса, қонунчиликда белгиланган миқдорда ижтимоий солиқларни ўтказган тақдирда, ушбу фуқаронинг иш стажи ҳисобланади. Ва тўланган маблағларидан келиб чиқиб, пенсия миқдори белгиланади», — дейди Aброр Холматов.

Таъкидланишича, Пенсия жамғармасига тўланадиган ихтиёрий ижтимоий тўлов суммасининг юқори поғонаси белгиланмаган, минимуми белгиланган.

«Фуқаронинг ўзи учун пенсия кўпроқ керакми? Марҳамат, пулингиз борми, 111 минг сўм эмас, 1 миллион сўм тўланг. Aлбатта, 1 миллион сўм тўлаган фуқаронинг пенсияси билан 111 минг сўм тўлаган фуқаронинг пенсияси икки хил бўлади.

Демак, ўша фуқаро иш стажини бажарса, пенсия жамғармасига қанча кўп пул ўтказса, бу фуқаронинг пенсияси ҳам кўпроқ бўлади», — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда чет элда ишловчи мигрантлар солиққа тортилиши ҳақида хабарлар тарқалгани, Давлат солиқ қўмитаси меҳнат мигрантлари учун солиқ жорий қилинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик меҳнат мигрантлари Ўзбекистонда пенсия ва иш стажига эҳтиёж сезмаса, ижтимоий солиқ тўламаслиги маълум қилинди.