Тошкентда темир йўлни қизил чироқда кесиб ўтмоқчи бўлган «Nexia» «Lacetti»ни уриб ағдарди — видео

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 10 январь куни «Nexia» ҳайдовчиси темир йўлни қизил чироқда кесиб ўтмоқчи бўлиб, «Lacetti»ни уриб йиқитди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @iibbuz

Маълум бўлишича, 10 январь куни соат 17:30 да Юнусобод туманидаги Локомотив боғи ёнида «Nexia» русумли автомобиль ҳайдовчиси 30 ёшли Э.К. кутилмаган манёвр сабабли 32 ёшли Ў.Т. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомобилга тўқнашган.

Қайд этилишича, йўл транспорт ҳодисасидан олдин иккала ҳайдовчи ҳам темир йўл светофорининг тақиқловчи белгисини ва туширилаётган шлагбаумни кўриб менсимаган.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра иккала ҳайдовчи ҳам ҳушёр бўлган. Воқеа сабабли ҳеч ким жабр кўрмаган. Мазкур факт асосида ЙҲХБ ходимлари томонидан иккала ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Аввалроқ Қашқадарёда «Nexia» билан тўқнашган «Damas» темир тўсиққа бориб урилгани ва Қамчиқ довонида вазир ўринбосарининг машинаси жарликка қулаши оқибатида амалдорнинг аёли ва қизи ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Фарғонада «Nexia» билан тўқнашган «Tracker» ёниб кетгани маълум қилинган.

Янгиликлар