«Миллий тикланиш» партияси депутати Дилдора Умарова коронавирусдан вафот этди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутати Дилдора Ботировна Умарова коронавирус инфекциясидан вафот этди. Бу ҳақда партия ахборот хизматига таяниб, «Uz24» хабар бермоқда.

Фото: «Миллий тикланиш» демократик партияси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча «Миллий тикланиш» партияси депутати Дилдора Умарованинг коронавирусдан вафот этгани бўйича бирор маълумот тақдим этмаган.

Маълумот учун, Дилдора Умарова 1966 йилда туғилган. 2018 йилдан буён Яшнобод туманидаги 149-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси лавозимида фаолият юритган. 2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган сайловларда «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгаши депутатлигига сайланган.

Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг судьяси Шавкатжон Шодмонов, Каттақўрғон туман прокурори Ойбек Хўжаев, Самарқанд шаҳар 1-сонли туғруқ мажмуаси бош врачи, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов, Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, академиклар Муҳаббат Aбидова ва Тельман Ражабов ҳамда Жўқорғи Kенгес раиси Муса Ерниязов вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар