Наманганда газ шохобчалари 24 соат ишлайдиган бўлди

Наманган вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида соатли иш тартиби бекор қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

«Hududgaz Namangan» газ таъминоти филиали директорининг биринчи  ўринбосари Ўткирбек Мамадалиевнинг таъкидлашича, бу ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва магистраль газ тармоқларида табиий газ босими меъёрга келтирилганлиги билан боғлиқ.

Наманган вилоятида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли табиий газ истеъмолининг ортиши ҳамда магистраль газ тармоқда газ босимининг пасайиши туфайли 2020 йил 7 ноябрдан вақтинчалик чекловлар жорий этилганди.

Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда 100 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси фаолият кўрсатмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда газ «заправка»ларнинг иш тартиби ўзгаргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда газ қуйиш шохобчаларининг иш вақтига чеклов ўрнатилгани хабар қилинган.

Янгиликлар