«Forbes» энг сахий миллиардерларни маълум қилди — рейтинг
Американинг «Forbes» нашри энг сахий америкалик миллиардерларнинг рейтингини тузди. Нашр уларнинг бутун ҳаёти давомида хайрия ишларига қанча маблағ сарфлаганини ҳисоблаб чиққан.
Нашрнинг таъкидлашича, энг саховатли миллиардер 42,8 миллиард долларни хайрия қилган медиа-магнат Уоррен Баффет бўлган. Баффетнинг умумий бойлиги 88,8 миллиард долларга баҳоланган. Асосан, у соғлиқни сақлаш ва қашшоқликка қарши кураш учун пул ажратади. 2010 йилда Баффет «The Giving Pledge» кампаниясини бошлаган. У америкалик миллиардерларни ўз бойликларининг камида ярмини хайрия ишларига сарфлашга ундайди. Баффетнинг ўзи бойлигининг 99 фоизини беришга ваъда қилган.
Рейтингда иккинчи ўрнида Билл ва Мелинда Гейтслар турибди. Уларнинг бойлиги 120,7 миллиард долларни ташкил этади. Хайр-эҳсонларининг умумий миқдори эса 29,8 миллиард долларга тенг. 2020 йилда бу жуфтлик икки йил ичида COVID-19’га қарши кураш учун 1,75 миллиард доллар сарфлашга ваъда берган.
8,6 миллиард доллар бойликка эга Жорж Сорос «Forbes» рейтингида учинчи ўринни эгаллаган. Унинг «Очиқ Жамият Жамғармаси» 32 миллиард долларлик хайрия тарқатган. Жамғарма дунёнинг 120 та мамлакатида фаолият юритиб, демократия ва сайловчилар ҳуқуқларига эътибор қаратмоқда. 2020 йилнинг ўзида у ушбу соҳаларга 140 миллион доллар ажратди, бундан ташқари, 2020 йилда у камситишга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва журналистикани қўллаб-қувватлаш учун 1,2 миллиард доллар ажратган. COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Сорос Қўшма Штатлардаги ноқонуний мигрантларни тиббий ёрдамга 37 миллион доллар хайрия қилган.
Тўртинчи ўринни Нью-Йоркнинг собиқ мери Майкл Блумберг эгаллади. Унинг бойлиги 54,9 миллиард долларни, хайр-эҳсонларнинг умумий миқдори эса 11,1 миллиард долларни ташкил этади. Рўйхатдан, шунингдек, Facebook раҳбари Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Приссилла Чан (2,7 миллиард доллар, ўнинчи ўрин) ўрин олган.
Аввалроқ «Forbes» энг сахий одамлар яшайдиган давлат номини эълон қилган эди.