Россияда канализациядан полиэтилен пакетга ўралган ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди

Россиянинг Липецк вилоятида 19 январь куни янги қурилган уй канализациясидан полиэтилен пакетга ўралган 33 ёшли ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят тергов қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «112.by»

Хабарга кўра, 19 январь куни Добринский тумани Студенка қишлоғида янги қурилган уй эгалари канализация қудуғидан полиэтилен пакетга ўралган 33 ёшли эркакнинг жасадини топиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар берган. Воқеа жойига тезкор тергов гуруҳи етиб келган. Жасад текширилганда бўйин ва бош қисмида жароҳатлар борлиги аниқланган.

Айни пайтда содир этилган жиноятнинг барча ҳолатларини, шунингдек, қотилни аниқлаш мақсадида тергов ҳаракати ва суд экспертиза олиб борилмоқда. Маълум қилинишича, уй эгалари сўроқ қилинмоқда ва қурилиш ишларида қатнашган марҳумнинг танишлари суриштирилиб аниқланмоқда.

Aввалроқ Россияда 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани, Таиландда 22 ёшли ўзбекистонлик шаршарадан пастга қулаб вафот этгани ва Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Санкт-Петербургда 13 ёшли қизни машинада зўрламоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳайдовчи қўлга олингани маълум қилинганди.