Ҳомиладор аёллар коронавирусга қарши эмланса бўладими? Мутахассис жавоб берди

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг акушерлик ва гинекология бўйича бош мутахассиси Лейла Адамян ҳомиладорлик ёки ҳомиладор бўлишдан олдинги даврда вакцина олиш бўйича ўз хулосаларини «стопкоронавирус.рф» порталига гапириб берди.

Фото: «pravda»

Унинг сўзларига кўра, инфекция таъсирида репродуктив тизим органлари ва репродуктив функциялар хавф остида қолади. Айнан шу асоратларнинг олдини олиш учун вакцина қабул қилиш муҳим.

Хусусан, ҳомиладорликни режалаштираётган ёки бепуштлик билан даволанаётганлар ҳам ҳомиладорликдан олдин эмланишлари керак. Хавф даражаси юқори гуруҳга қўшма касалликларга чалинган ҳомиладор аёллар — артериал гипертензия, қандли диабетнинг иккинчи тури, гемостаз бузилганлиги ва уларнинг олдинги ҳомиладорликдаги асоратлари киради. Бундай ҳолатда COVID ҳомиладорликка ёмон таъсир қилиши мумкин. Бу эса кучли дори воситаларини қўллаш зарурати, оғир ҳолатларда шошилинч туғруқ ва ҳатто муддатидан олдин туғиш кабиларга келиши мумкин. Барча омиллар ҳомиладорликка, шу жумладан, ҳомила ҳолатига бевосита ёки билвосита таъсир қилади.

«Эмлаш ҳар доим инсониятнинг халоскори бўлган. Даҳшатли эпидемияларга қарши курашда бу сўнгги 150 йил ичида ҳаётимизни сақлаб қолиш учун ягона умид бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ушбу ҳаётни сақлайдиган вакциналарнинг кўпчилигини мисол сифатида эслаш ўринлидир: чечак, полиомиелит, паротит, қизамиқ, қизилча, қоқшол, кўк йўтал, дифтерия, гепатит А, вабо, грипп ва бошқалар», — деб таъкидлаган мутахассис.

Аввалроқ дунёда COVID-19’га қарши қанча эмлаш амалга оширилгани маълум қилинган эди. Шунингдек, CОVID-19’нинг «британча» штамми билан касалланган болаларда кузатилаётган бешта аломат маълум бўлган.