Тошдан ошгача: Ўзбекистондан кимлар Гиннеснинг рекордлар китобига кирган?

Гиннес рекордлар китоби ёки Гиннес жаҳон рекордлари (инглизча: Guinness World Records) 1955 йилдан 2000 йилгача The Guinness Book of Records деб номланган, жаҳонда киритилган рекордлар ва энг ғаройиб нарсалар ҳақида маълумотлар киритилган китобдир. У 1954 йил август ойида Лондоннинг Fleet Street кўчасида ака-ука Норрис ва Росс МакУайртер томонидан ташкил қилинган.

Ушбу китоб табиат ва инсоният оламидаги оламшумул улкан ютуқлар, ноёб ҳодисалар ва ғаройиб воқеалар ҳақидаги хабарлардан иборат бўлган маълумотнома нашридир. 1955 йилдан бери Британиянинг «Guinness Publishing» нашриёти ҳар йили унинг янги таҳририни чоп этиб келади. Китоб 1990 йилгача 37 тилда 264 марта нашр этилган. Дунёдаги энг кўп ўғирланадиган китоб ҳам Гиннес рекордлар китобидир. Ҳар йили унинг 2700 таси ўғирланар экан. Бу китобдан баъзи ўзбекистонликлар ҳам ўрин олган. Қуйида эътиборингизга Гиннес рекордлар китобига киритилган ўзбек рекордларини ҳавола этамиз.

Коллаж: «Tez News»

«Минг фаришта ва битта расм»

2013 йилда Ўзбекистон халқ рассоми, Республика Бадиий академиясининг академиги, профессор Леким Ибрагимов «Минг фаришта ва битта расм» номли мегаканопга ишланган расми билан машҳур бўлган. Гиннес танловида унинг иши бирданига иккита номинацияда ғолиб бўлди: «Бир рассом томонидан канопда чизилган дунёдаги энг катта расм» ва «Битта расмда энг кўп фаришталар».

Канопнинг вазни 22 тонна, ҳажми эса 500 квадрат метрдан ошади.

Аёл полвонимиз

Кейинги рекордчи эса оғир атлетикачимиз ҳисобланади. 60 килограмм вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланган Муҳтарама Алиева 2013 йилда Гиннеснинг рекордлар китобига ўз номини ёздирган. У бир дақиқада иккита 6 килограммлик тошни 118 марта кўтарган ва шу орқали рекордчига айланган.

Фото: «us24.uz»

Ва ниҳоят, кўнгилга яқин овқат мавзуси…

Кейинги рекордларнинг барчаси овқат билан боғлиқдир. Ошхўр халқлигимизни шунданам билса бўлади.

2017 йил сентябрь ойида тайёрланган, шов-шувларга сабаб бўлган 7360 килограмм ўзбек палови Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. 50 дан ортиқ ошпаз уни 8 тонналик қозонда 6 соат давомида пиширди.

2019 йили наманганликлар Наврўз байрамига 7 тонна сумалак тайёрлади. Шу мақсадда Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қуйилган улкан дошқозон Тошкентдан махсус олиб келинди.

Сумалак 10 минг қисмга бўлиниб, камбағал оилалар ва болалар уйлари тарбияланувчиларига тарқатилди.

Шунингдек, 2017 йили дунёдаги энг катта лағмонни марғилонлик ошпаз Ҳаким Ғаниев чўзди. Бунинг учун 1,5 центнердан ортиқ гўшт ва сабзавот ва 1 килограммдан ортиқ макарон керак бўлди.

Рейтинглар