Наманганда бир гуруҳ журналист ва блогерлар Бибиона зиёратгоҳида бўлди (фото)

Наманганда 17—19 сентябрь кунлари вилоятнинг зиёратгоҳ, янги объект ва лойиҳалари бўйлаб оммавий ахброт воситалари вакиллари ва блогерлар учун инфо-тур ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди. Унда журналист ва блогерлар Чуст шаҳридаги Бибиона зиёратгоҳи ва археологик манзилида ҳам бўлиб, зиёратгоҳнинг тарихи, унга оид маълумот ҳамда фактлар билан танишган, деб маълум қилди «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, зиёратгоҳ жами 7,5 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бу ерда яқинда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Хусусан, ҳудуддаги учта булоқ атрофи кўркам ҳолатга келтирилган. Намозхона, таҳоратхона, рамзий мақбара, миллий айвон ва эсдалик буюмлари дўкони қурилган. Таъкидланишича, бу ишларнинг барчасига 4 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланган. Ҳозирда зиёратгоҳдаги асосий қурилиш ишлари якунига етмоқда.

Шунингдек, зиёратгоҳ ҳудудидаги дов-дарахтларни янада кўпайтириш, ерларга майса сепиш, қурбонлик амаллари бажариладиган махсус жой ва сайёҳлар учун тамаддихона барпо этиш режалаштирилган.

Фото: «Tez News»

Бибиона зиёратгоҳи бронза даврига оид Чуст манзилгоҳи бўлган. Ёдгорлик ҳудудида қадимий шифобахш булоқ мавжуд бўлиб, у Бибиона-қайран номи билан машҳур. Бибиона Чуст шаҳридан икки километр шимолда, Ғовасой соҳилида жойлашган кўҳна тепалик, яъни кўҳна кент, қишлоқ харобасидир. У халқ тилида «Буонамозор» номи билан юритилган.

Тарихий манбаларга кўра, 1950—1980 йиллар атрофида бу ерда катта қазилма ишлари олиб борилган, лекин номаълум сабабларга кўра ишлар тўхталиб қўйилган. Археологик қазилмалар пайтида тепаликдан шаҳар (қалъа)нинг мудофаа деворлари, уйларнинг деворлари, токчалар билан бирга 136 та бутун сақланган археологик идишлар ҳамда 2 мингга яқин турли буюм парчалари топилган.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Айтилишича, бу жойнинг Бибиона номи билан номланиши ўрта асрларда (15—16 асрларда) яшаган Қосимшайхнинг синглиси Бибиона ўз даврининг илмли ва табобатдан хабардор шахс бўлганлиги туфайли халқнинг «Бибионага борсанг, дардингга шифо топасан ёки мушкулинг ечилади», деганидир ва шу сабабли бу ер унинг номи билан боғланиб қолган.

Аввалроқ Наманган вилоят ҳокими Бибиона зиёратгоҳидаги қурилиш ишлари билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Наманганда туризм соҳасида Туркия билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар