Вилоят ҳокимликларининг матбуот хизматлари Telegram’да қанчадан обуначига эга? — рейтинг

Аҳоли билан мулоқот қилишда маҳаллий ҳокимиятлар энг асосий бўғин ҳисобланади. Шунингдек, вилоятларда амалга оширилаётган ишларни аҳолига танитишда ва жамоатчилик билан алоқаларда ҳокимлик матбуот хизматлари катта роль ўйнайди.

Ижтимоий тармоқлар ривожланган бугунги кунда бу иш янада осонлашди, десак адашмаймиз. Айниқса, Ўзбекистонда кенг тарқалган Telegram мессенжери бу борада етакчиликни эгаллайди. Telegram’да ҳар бир ташкилотнинг расмий канали мавжуд. Жумладан, вилоят ҳокимликларининг ҳам.

«Tez News» Telegram саҳифасида обуначилари сони бўйича вилоят ҳокимликларининг рейтингини эътиборингизга тақдим этади.

Фото: «Tez News»

Рейтингнинг биринчи поғонасида Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизматининг саҳифаси ўрин эгаллади. Идоранинг бу мессенжерда 53,6 мингдан ортиқ обуначиси бор. Каналда пойтахт ҳаётига доир янгиликлар бериб борилади. Тошкент шаҳар ҳокими — Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Иккинчи ўриндан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Telegram саҳифаси ўрин олди. «Karakalpakstan.uz» деб номланган саҳифада 20 мингдан ортиқ обуначи мавжуд.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг саҳифаси мавжуд бўлиб, унда 1200 дан ортиқ обуначи бор. Каналлар республика ҳаётига доир расмий хабарларни бериб боради. Жўқорғи Кенгес раиси — Мурат Камалов, Вазирлар Кенгаши раиси — Қаҳраман Сариев.

Учинчи ўринда Наманган вилояти ҳокимлигига тегишли Telegram канал бормоқда. Ушбу каналда обуначилар сони 14,8 мингдан ортиқни ташкил этади. Канал вилоят ҳаётига доир воқеа-ҳодисалар, ҳокимлик фаолиятига оид воқеаларни етказиб келмоқда. Вилоят ҳокими — Шавкат Абдураззоқов.

Тўртинчи ўринда Самарқанд вилояти ҳокимлигига тегишли саҳифа бормоқда. Саҳифани бугунги кунда 13,7 мингдан кўп обуначи кузатиб бормоқда. Қизиғи, саҳифа манзили вилоят ҳокими Эркин Турдимов номига қўйилган. У бўшаб кетса, канал ўз номида олиб қолинадими ёки ҳокимликка қоладими?

Бешинчи ўринни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига тегишли канал эгаллаб турибди. Саҳифани 13,3 мингдан зиёд одам кузатмоқда. Вилоят ҳокими — Тўра Боболов.

Навоий вилояти ҳокимлигининг канали эса 11 мингга яқин обуначи билан олтинчи ўринда турибди. Вилоят ҳокими — Қобил Турсунов.

Жиззах вилояти ҳокимлигига тегишли Telegram канал рейтингимизнинг олтинчи ўрнидан жой олди. Саҳифа обуначилари сони 9 мингдан ортиқни ташкил қилади. Вилоят ҳокими — Эргаш Салиев.

8,3 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Хоразм вилояти ҳокимлигига тегишли канал еттинчи ўринда бормоқда. Канал вилоят ҳаётига доир янгиликларни ёритиб боради.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов номида яна бир Telegram саҳифа мавжуд. Унинг обуначилари сони 1,2 мингдан ошади.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг расмий саҳифаси бўлмиш «Buxoro.uz» Telegram канали рейтингда саккизинчи ўринда турибди. Саҳифанинг обуначилари сони 8,1 мингдан ошиқни ташкил этади. Каналда Бухоро вилояти ҳокимлиги фаолиятига доир янгиликлар бериб борилади. Вилоят ҳокими — Ботир Зарипов.

Қашқадарё вилоят ҳокимлигининг «Qashqadaryo.uz» канали 8 минг обуначи билан тўққизинчи ўриндан жой олди. Вилоят ҳокими — Зоир Мирзаев.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг Telegram канали ўнинчи ўринни эгаллаган. Каналда 5,3 мингдан зиёд обуначи бор. Вилоят ҳокими — Рустам Холматов.

Ўн биринчи ўринда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати саҳифаси бормоқда. Саҳифани 4,3 мингдан ортиқ обуначи кузатади. Вилоят ҳокими — Шуҳрат Абдураҳмонов.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг Telegram канали ўн иккинчи ўринни эгаллади. Каналда 2,8 мингдан ортиқ обуначи бор. Вилоят ҳокими — Хайрулло Бозоров.

Рейтингнинг сўнгги — 14-ўрнини Сирдарё вилояти ҳокимлиги банд қилган. Ушбу канални 1,2 минг киши кузатиб боради. Вилоят ҳокими — Ғофур Мирзаев.

Рейтинглар