Сурхондарёда «ГАИ» бошқарувидаги сомон ортилган «Зил» ағдарилиб кетди

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида йўл патруль хизмати ходими бошқарувидаги сомон ортилган «Зил» ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, 26 январь куни белгиланган тақсимот асосида вилоят ЙПХ ходими Ж.Н. Шўрчи тумани ҳудудига хизматга жалб этилган. Хизмат давомида соат 08:30 ларда туман ҳудудида жойлашган «Чавандоз» савдо мажмуаси яқинида, Шўрчи–Денов йўналишида юк ташиш қоидаларини бузиб ҳаракатланиб келган «Газ-53» русумли юк автомобилини тўхтатган.

Содир этган қоидабузарлигини тушунтириб, ҳужжатларини тақдим этишини сўраган вақтида ҳайдовчи ЙПХ ходимига меъёрий ҳужжатларини тақдим этмаган. ЙПХ ходими белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситасини вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига бошқариб олиб кетаётган вақтда Шўрчи тумани, Амир Темур ва Мустақиллик кўчалари кесишган чорраҳада «Nexia» русумли автомобиль билан тўқнашмаслик учун рулни ўнг томонга буриб юборгани сабабли юк автомобили ағдарилган.

Қайд этилишича, ағдарилиш вақтида «Nexia» русумли автомобилнинг олд қисмига шикаст етган. Йўл транспорт ҳодисаси натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада ЙПХ ходими қоидани бузгани айтилган хабарга изоҳ берилган.

Янгиликлар