Андижонда ЙПХ ходимини хизмат вақтида «Damas» уриб кетди

Андижон шаҳрида 28 январь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида йўл-патруль хизмати ходими вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, соат 16:00 да Андижон шаҳрининг Амир Темуршоҳ кўчасида ҳаракатланиб келаётган «Damas» йўлнинг ўнг тарафида хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати ходими Элёрбек Собировни уриб юборган. Оқибатида ЙПХ ходими воқеа жойида вафот этган.

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори лавозимида ишлаган сафдор Собиров Элёрбек Жакбаралиевичнинг хизмат вақтида вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — дейилади Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган.

Аввалроқ Фарғонада «Lacetti-2» уриб юборган аёл ҳодиса жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда «Lacetti» уриб юборган 16 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ҳамда Бухорода ИИБ хизмат машинаси ва «Nexia» иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар