Автобус йўлагида ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Ўзбекистонда жамоат ва махсус транспортлар (тез ёрдам, ўт ўчириш бригадалари ва бошқалар) учун ажратилган йўлакларда транспорт воситаларини бошқарганлик учун жарима жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатда тирбандлик масаласи аҳоли учун, айниқса, пойтахтда энг долзарб муаммога айланмоқда. Сўнгги 2-3 йилда Тошкент шаҳрида 7-9 балли тирбандликлар ҳар куни кузатилаётган бўлса, айрим вақтларда мазкур ҳолат 10 баллгача кўтарилмоқда. Бу эса йўлларда асабий ва зиддиятли ҳолатларига, йўловчи ҳамда ҳайдовчиларнинг соатлаб вақт сарфлашига сабаб бўлмоқда.

Шу боис йўлларда тирбандликни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериш йўналишида амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида автобуслар сони сўнгги 2 йилда 2 баробарга ошган. Улар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши натижасида автобусларнинг қатновдаги оралиқ интервали 2 баробарга қисқарган. Йўловчилар сони 2 баробарга ўсиб, кунлик фойдаланувчилар сони 1 млн йўловчига етган.

Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортидан фойдаланишнинг самарадорлигини жиддий пасайиши, қатнов мунтазамлиги ва жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шаҳар автомобил йўлларида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ажратилиб, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракати тақиқланган бўлса-да, уларнинг ушбу йўлакларда ҳаракатланиш давом этмоқда.

Амалдаги қонунчиликда жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчилари учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини велосипед йўлаклари, тротуарлар ҳамда яшил ҳудуд майдонларида бошқариши кўплаб кузатилмоқда ва ушбу ҳудудларда ҳаракат қатнашчиларининг хавфсизлигини ишончли таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатларидир.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, ажратилган йўлакка фақат синиқ чизиқ билан белгиланган жойларда кириш, шунингдек, агар бу жамоат транспорти ҳаракатига халақит бермаса, йўловчиларни олиш ва тушириш учун тўхташ мумкин. Шу вақтгача ушбу қоидаларни бузганлик учун жазо йўқ эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг таклиф этилаётган янги 128−7-моддасида жамоат транспорти йўлакларида ҳаракатланганлик учун ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида жарима солинади. Бир йил давомида такроран қоидабузарлик 3 БҲМ (1,125 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилади.

Қарорлар